Танганинг иккинчи томони ҳам бор

   Яқинда “Sevimli” телеканалининг Замон информацион дастурида “Муаммо илдизи қаерда?” сарлавҳали телелавҳа намойиш этилди. Унда Тойлоқ туманининг “Муборак” маҳалласида яшовчи Зарнигор Мавлонова дуч келаётган муаммолар билан боғлиқ бир қатор масалалар танқид остига олинган.

    Мазкур телелавҳага ҳуқуқий ҳужжатларга таянган ҳолда Тойлоқ туман ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдиради.

  Телелавҳада фуқаро Зарнигор Мавлонова 2018 йилдан буён уй-жойга муҳтож эканлиги айтилган. Унинг уй-жой олиш тўғрисидаги мурожаатларининг рад этилганлигига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12-апрелдаги 285-сонли Қарори асос бўлади. Мазкур қарор низомга кўра  “кўп болалик (уч ва ундан ортиқ) аёллар”,  “биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар,  “уй жойга муҳтож шахснинг никоҳи сўнгги уч йилда бекор қилинган тақдирда” уй-жой бериш лозимлиги белгиланган.

  Зарнигор Мавлонова эса турмуш ўртоғи билан 2020 йилнинг январь ойида расман ажрашган, шунингдек, унинг турмуш шароити Низомда кўрсатилган мезон талабларига тўғри келмаганлиги сабабли рад этилган. Туманда Зарнигордан ҳам оғир шароитда яшовчи, уй-жойга муҳтож оилалар, кўп болали ёлғиз аёллар, ногирон хотин-қизлар борлиги  инобатга олинган ва биринчи галда ана шу оғир ижтимоий шароитдаги хотин-қизларни арзон уй-жой билан таъминлашга эътибор қаратилган.

  Бундан ташқари, Зарнигор Мавлонова турмушидан ажралгач унга фарзанди билан яшаши учун турмуш ўртоғининг ҳовлисидан икки хонали уй ажратиб берилган. Бироқ, Зарнигор бу хонадонда яшашни истамаган.

  Зарнигор Мавлонова лавҳада кўрсатилган ойналари синиқ эски мактаб биносида бир кун ҳам яшамаган. Бу саҳна кўриниш холос. У мана шу бинони эгаллаб олиш мақсадида шундай йўл тутмоқда.

  Туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари Зарнигор Мавлонованинг мурожаати юзасидан у билан бир неча бор суҳбаталашган. Унга субсидия асосида кўп қаватли уйлардан бирини олиши мумкинлиги айтилган. Бироқ, Зарнигор бу таклифни рад этиб келмоқда. Чунки унинг нияти уй-жой олиш эмас, мақсади айни дамда ўзи яшаб турган, ота-онасининг уйи рўпарасидаги эски мактаб биносини ерини ўзиники қилиб олиш. Буни унинг ўзи ва ота-онаси билан бўлган суҳбатдан ҳам билиш қийин эмас.

   Бироқ халқ таълими вазирлиги балансида бўлган мулкни фуқарога бериш мумкин эмаслиги қонунда белгилаб қўйилган .

  Сиз экранда кўриб турган бу тасвирлар Зарнигорнинг ота ҳовлиси, қўша-қўша қимматбаҳо машиналар ҳам унинг отасига тегишли. Қизи учун ногиронлигини рўкач қилиб, уй-жой талаб қилаётган бу ота-оналар ёлғиз қизининг кўчада қолишига йўл қўймаса керак?

  Туман мутасаддилари ҳеч бир фуқаро тақдирига бефарқ эмас. Чунки ҳар бир инсон яхши шароитда ва бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли. Бироқ айрим фуқаролар томонидан билдирилаётган ечими йўқ яъни қонун-қоидага зид бўлган масалалар мутасадди раҳбарларни ўйга толдирмоқда.

  Ҳар қандай вазиятда ҳам танганинг иккинчи томони борлигини унутмайлик.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

 

 

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди