Тойлоқда "Меҳр-саховат" кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди

  

   Халқимиз азалдан меҳр-саховатли, оқибатли, ўзгаларга беминнат ёрдам кўрсатадиган, фидойи ва ташаббускор инсонларни юксак қадрлаб келган. Бу бежизга эмас. Чунки тақдир тақозоси билан оғир вазиятга тушиб қолган инсонга ўз вақтида кўрсатилган меҳр-саховат, беминнат ёрдамнинг ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Айниқса, бугун дунё аҳли пандемия инқирози билан боғлиқ ўта оғир жараёнларни бошидан кечираётган бир паллада ана шундай меҳр-саховатли, ташаббускор ва фаол инсонларнинг беминнат ёрдами янада муҳим аҳамият касб этади.

 

    Бугун Тойлоқ туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ глобал пандемия даврида  аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этаётган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан барчага ўрнак бўлаётган юртдошларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасининг жонкуяр вакиллари, саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимларининг 14 нафари  «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотланди.

    - Маълумки, бугун бутун дунё коронавирус балосидан азият чекмоқда. Унга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизда ҳам муҳтарам юртбошимиз бошчилигида падемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди, йигирмага яқин қарор ва фармонлар чиқарилди. Хусусан, пандемия сабаб ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фаолияти йўлга қўйилди ва саховатпеша халқимиз бу ҳаракатга қўшилиб, ўз ёрдамларини аяшмади, -дейди  “Акмал Тошпулатович” фермер хўжалиги раиси Дилшод Муҳаммадиев.  -Мана шу умумхалқ ҳаракатга қўшган камтарона меҳнатимизни эътиборга олиб, мана шундай юксак унвонга лойиқ кўрганлари учун авваламбор, Юртбошимизга, вилоят ҳокимлигига, қолаверса, туман ҳокими Баҳодир Қодировичга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди