Тойлоқ марказида "Рақамли технологиялар ўқув маркази" очилди

 

   Бугун жамият тараққиётини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Табиийки, соҳа бўйича етук мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам давр талабига ҳамқадам тарзда такомиллаштириб бориш вазифаси қўйилмоқда.

   Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчиси аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

   Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Рақамли технологиялар ўқув марказининг ташкил этилиши ушбу ташаббуснинг амалий ижроси бўлди.

  Ўқув марказининг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Б. Бабоназаров  марказ аҳоли ва ёшларнинг технологик билимларини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишда хизмат қилишини таъкидлади.

  – Бу ерда мактаб ўқувчилари ҳамда 30 ёшгача бўлган ёшлар учун бепул  ўқув курслари ташкил қилинади, -дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д. Хўжамбердиев. – Мазкур марказ филиалини биринчилардан бўлиб Тойлоқ туманида ташкил қилдик. Марказ қувватидан самарали фойдаланиш мақсадида ёшлардан ташқари давлат ва хўжалик органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ахборот технологиялари йўналишида кундузги ва кечки ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳам иш олиб бораяпмиз.

   Зарур технологик воситалар билан жиҳозланган марказда ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча шароит яратилган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди