Навбатдаги сессияда карантин тартибларини босқичма-босқич юмшатиш масаласи муҳокама этилди

     Бугун Халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгашининг навбатдаги X сессияси бўлиб ўтди. Кенгаш раиси Б.Бабоназаров раислигида ўтказилган сессияда туман Кенгаши депутатлари, кун тартибига мувофиқ таклиф этилганлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

   Сессияда Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси А.Мусурмоновнинг  “Карантин тартибларини босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиш юзасидан туман аҳлига мурожаати тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

   Сессия давомида депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, депутат Н. Акрамов  тиббиёт соҳасида учраётган айрим муаммолар, хусусан, аҳоли сонининг кўплиги, қолаверса, пандемия шароитида ҳомиладор аёлларнинг “УЗИ” текширувидан ўтишларида кун бўйи навбат кутиб ўтиришлари уларга анча қийинчилик туғдираётгани, шу сабабли қишлоқ врачлик пункитларини ҳам  “УЗИ” аппарати билан таъминлаш масаласини ўртага ташлади.

   Шунингдек, туман кенгаши депутати З. Авазов карантин тартиблари юмшатилиши муносабати билан жойларда аҳоли орасида тарғибот тадбирларини кучайтириш кераклиги, маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари, депутатлар бу борада фаол бўлишлари лозимлигини таъкидлади.

   Сессия сўнгида кун тартибига киритилган масала юзасидан қарор қабул қилинди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди