Тойлоқда хўжалик юритувчи субъектлар электрон ҳисобварақ фактурадан унумли фойдаланмоқда

   Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича бир қатор чоралар амалга ошириб келинмоқда.Замонавий ахборот технологияларини жадал ривожлантириш бўйича шароитлар яратиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

    Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида электрон ҳужжат айланиши жорий этилди, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасида норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Қарорга мувофиқ республика ҳудудида 2019 йил 1 июлдан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган.

   Шунга асосан бугун Тойлоқ туманида қўшилган қиймат солиғи тўловчи сифатида 197 та хўжалик юритувчи субъктлар сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 162 таси электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланмоқда.

  -  Ҳужжатларни қоғоз шаклда юритишдан воз кечиб, электрон ҳисобварақ фактуралардан фойдаланганда аввало, вақт ва харажат тежалади. Маълумотлар хавфсиз сақланади, тўловлар тезлашади, тизим туну кун ишлайди, ҳисоботлар автоматлашади, -дейди “Сиёб-Шавкат-Орзу” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси Сунатилло Эшонқулов.

    -ЭҲФни эса қоғозда йиғиб бориш шарт эмас. Негаки, улар роуминг операторида 10 йил, ЭҲФ тизими операторларида эса 5 йил давомида хавфсиз сақланади.

   Ҳеч муболағасиз, иқтисодий секторни рақамлаштириш ҳисобчиларга қулайлик яратибгина қолмай, товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган харажатларни камайтириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, ҳажми ва рақобатбардошликни кескин ошириш ҳамда вақтни тежаш каби имкониятларни яратади.

 

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди