Балли, азаматлар!

   Атрофдагиларнинг ғамхўрлигига, ёрдамига муҳтож бўлган инсонга яхшилик қилиш, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат кўрсатиш кишига руҳий қувват, маънавий мадад беради. Халқимизга хос бўлган ана шундай эзгу қадриятлар жамиятда ижтимоий бирдамлик, ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилади.

    Тойлоқ туман маданият бўлими ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси 69932-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ана шундай хайрли ишга қўл уришди. Улар Хўжаюз маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган онахон Холида Рўзиқулованинг ҳолидан хабар олишди.

    Бу азамат йигитлар, томорқага экин экиб, рўзғоримни бутлайман, деб ният қилган, аммо ўзининг кучи етмаганлиги сабаб экин-тикин ишларининг уддасидан чиқолмаган онахоннинг томорқасини бир пасда яшнатиб юборишди: Ерни текислаб, эгат олишди. Сўнг картошка ва ловия уруғини қадаб чиқишди. “Кўпдан қуён қочиб қутилмас” деб шунга айтишадида.

    Эътибор ва ғамхўрликдан қалби қувончга тўлган онахон бундай хайрли ишни ташкил этишда ташаббус кўрсатган туман маданият бўлими ходими Хурсанмурод Жабборов ҳамда ҳашарда қатнашган йигитларни узоқ дуо қилди. Яратгандан юртимизга тинчлик-омонлик, бошимизга тушган бу синовли кунлар тезроқ ортда қолишини, орамиздан меҳр-оқибат аримаслигини сўради. 

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди