Дўстликда замонавий боғча биноси фойдаланишга топширилди

    Туманимизнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган 41-давлат мактабгача таълим муассасасининг замонавий усулда бунёд этилган янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими Б. Бобоназаров иштирок этди. У маҳалла аҳолисини ушбу қувончли кун билан, янги мактабгача таълим ташкилоти биносининг очилиши билан самимий қутлади, шунингдек, Б. Бобоназаров ўз сўзда кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни ҳар тарафлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди.

    150 ўринга мўлжалланган мазкур боғча инвестиция дастури асосида қарийб 4 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, замонавий жиҳозлар, ўқув қуроллари, ўйинчоқлар билан таъминланди. “Нарзитош Маматов” қурилиш корхонаси томонидан қурилган икки қаватли, замонавий, шинам бу масканнинг очилиши нафақат болажонларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам қувончига сабабчи бўлди. Тантанали  очилиш маросимида туман ҳокими қурувчи – М. Қурбоновга ўз миннатдорчилигини билдириб, туман халқ таълими бўлимининг эсдалик совғасини топширди.

   Маросимдан сўнг, тадбир иштирокчилари муассасада тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур боғчанинг 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида очилиши қишлоқ аёлларига чинакам байрам туҳфаси бўлди.   

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди