Маҳалла мутахассислари ўртасида кўрик-танлов ўтказилди

    Бугун Тойлоқ педагогика коллежининг фаоллар залида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими томонидан “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди. Аҳоли ва ёшлар ўртасида никоҳ ва оиланинг муқаддаслигини кенг тарғиб қилиш, ноқонуний, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оилада эркаклар масъулиятини ошириш, ўғил-қизларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш каби мақсадларни амалга оширишга қаратилган ушбу танловда туманимиздаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари 4 гуруҳга бўлиниб, ўзаро беллашишди.

      4 та шарт асосида куч синашган жамоаларни ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб боришди. Танлов шартларига кўра иштирокчилар ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолиш борасида 2 тадан таклифларини билдиришди. Шунингдек, улар бугунги кунда оилавий ажримларнинг сабабчиси бўлаётган асосий омилларни саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди.  

     Танлов натижаларига кўра ўзининг теран фикрлари, саҳна кўринишларининг долзарблилиги билан фаол қатнашган 4-сектор ҳудудидаги иштирокчилар ғолибликни қўлга киритишди. Тадбир сўнггида кўрик-танлов қатнашчиларига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди