Чувалчангдан минерал ўғит ишлаб чиқараётган тойлоқлик тадбиркор маҳсулотини экспорт қилмоқчи

 

   Кейинги пайтларда қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли бўлган биогумус атамасига тез-тез дуч келяпмиз. Биогумус бу - органик мураккаб комплекс ўғит, Калифорния қизил чувалчанг томонидан қорамол гўнги ва органик чиқиндилар қайта ишланган маҳсулот. Микробиалогия саноатига тегишли бўлган бу кашфиёт қишлоқ хўжалигида ва асосан озиқ овқат етиштириш саноатида, қолаверса, гулчиликда кенг қўлланилмоқда.

   Тойлоқ тумани Муборак маҳалласида яшовчи Зафар Ғаниев тадбркорликнинг ноёб турларидан бири биогумус етиштириш билан шуғулланиб, мўмайгина даромад олмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини 2021 йилда бошлаган қаҳрамонимиз “Кўксарой камен” қўшма корхонаси номи билан давлат рўйхатидан ўтди ва 2 нафар қишлоқдошини иш билан таъминлади.  Куни кеча Жомбой туманида бўлиб ўтган “Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари – AGROPRO 2022” кўргазмасида иштирок этган Зафар Ғаниевнинг таассуротлари катта.

  -Жомбойда бунёд этилган янги кўргазмалар марказида ўтказилган  ярмарка биз каби тадбиркорлар учун қулайлик яратди. Кўргазмада иштирок этиб, Жомбой ва Самарқанд туманларидан харидор топдим, ўша жойнинг ўзида маҳсулотимни сотиб ҳам келдим, -дейди тадбиркор Зафар Ғаниев.

    Биз суҳбат чоғида тадбиркордан соф ва олий навли биогумус ишлаб чиқариш жараёни ҳақида сўрадик.

   -Органик моддалар ва ҳайвон чиқиндиларининг қайта ишлаш ва уларни бир бири билан мутаносиблигини таминлашнинг энг қулай усулларидан бири бу, чувалчанг ҳазим системасидан фойдаланишдир. Махсус тайёрланган жой ёки идишда гўнг ва қайта  ишланмаган озуқа моддалар яъни, мева-сабзавот чиқиндилари, хазон кабиларни 65-80 фоиздаги намлик шароитида ер чувалчанги билан бирмунча муддат сақлаш орқали мақсадга етиш мумкин. Сифатли ўғит олиш учун 1 метр квадрат майдон учун 15-25 мингта чувалчангдан фойдалинилади. Мен ҳам дастлаб, Андижон вилоятидан 20 метр квадратга етадиган миқдорда қизил чувалчанг олиб келиб, ишни бошлаган эдим. Бугунги кунда эса чувалчанглар 380 метр квадратга етди. 1 метр кватдарт жойдан 120 кунда 70-80 кг соф олий навли биогумус олиш мумкин. Биогумус ўғитида етиштирилган маҳсулот мутлақо зарарсиз ва табиийдир. Биогумус ҳосилдорликни оширади, қолаверса, маҳсулот одатдагидан 2 ҳафта олдин тайёр бўлади.  Даромад ҳам ёмон эмас. Ойига 3-4 миллион соф даромад оляпмиз. Ишчиларга 2 миллионгача ойлик тўлаяпмиз.


 

   Тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мақсадида Туркия ва Россия давлатида ишлаб чиқариладиган технологияларни жорий этмоқчи. Бунинг натижасида 4 баробар кўп маҳсулот етиштириш имкони туғилади.

    Туманимиздан ташқари Каттақўрғон, Иштихон, Жомбой ва Самарқанд туманларидан доимий мижозларига эга тадбиркор келажакда маҳсулотини экспорт қилмоқчи.

Нигина РАҲМАТОВА,

туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди