Мақсад: аҳоли даромадларини ошириш

   

   Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу сабабли аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантиришларида кўмаклашиш мақсадида  O`zLiDeP ҳам ўз ташаббусини илгари сурмоқда. Яъни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда O`zLiDeP Тойлоқ туман Кенгаши жойларда хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер эгаларига ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уруғ, кўчат экиш, иссиқхона қуриш бўйича тегишли маслаҳатлар бермоқда.

   Шундай тадбирлардан бири бугун Тойлоқ  туманининг 3-сектор ҳудудида бўлиб ўтди. Учрашувда Республика ишчи гуруҳи аъзолари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Қува туман Кенгаши бўлим бошлиғи М.Ўринбоев, Илмий марказ ходими Д.Джўраев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Тойлоқ туман Кенгаши раиси Ғ.Қулиев ҳамда O`zLiDeP Тойлоқ туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари А.Мирзоевлар иштирок этди.

   Семинар Таллиота маҳалласида яшовчи омилкор деҳқон Комил Бердимуродов хонадонида ўтказилди. Хонадон соҳиби Комил аканинг касби ҳайдовчи, турмуш ўртоғи эса ўқитувчи. Шундай бўлишига қарамай улар оила иқтисодини ошириш мақсадида 6 сотихлик иссиқхона қуриб, даромад олишмоқда.

  

   -Ота-боболаримиз деҳқончилик орқасидан рўзғор тебратишган. Биз ҳам ота касбимизни унутганимиз йўқ. Ўтган йилнинг куз ойларида ўз маблағимиз ҳисобидан иссиқхона қуриб, сабзи уруғини қадаган эдик. Айни дамда ҳосилимиз етилиб, бозорга чиқаришга тайёр бўлиб қолди, - дейди Комил Бердимуродов.

   Семинарда иштирок этган томорқачилик ва парникчиликка қизиқиши бор ёшлар ва хотин-қизлар ердан мақсадли фойдаланиш, кўчат ва уруғ танлаш, ердан мўл ва сифатли ҳосил олиш сирларини ўрганишди. Қолаверса, тадбир давомида маҳаллабай ишлаш тизими асосида маҳаллага бириктирилган банкларнинг доимий вакиллари ҳам  кредит олиш истагини билдирган оилалар билан ҳужжатларни расмийлаштириш ва кредит олиш тартиб-қоидалари ҳақида суҳбатлашишди.

   Тадбир доирасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хонадонларга партия томонидан сабзавот кўчатлари тарқатилди.

   Ҳамкорликда амалга оширилаётган бу хайрли тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди