Иқболи кулган иқтидор эгаси

     Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганига 20 йил тўлди. Бу мукофот иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, орзу-интилишларини амалга ошириш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

     1999 йил 10 июнда Биринчи Президентимизнинг фармонига мувофиқ жорий этилган мазкур мукофот 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилларига берилган эди. 2018 йилда мукофотни 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг икки нафар иқтидорли қизларга бериш белгиланди.

   Жорий йилнинг  сентябрь ойида туман комиссияси томонидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловнинг туман босқичи ўтказилган эди. Унга коммиссия шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими аъзоси, шоира Жумагул Сувонова таклиф этилди. Ж. Сувонова Давлат мукофоти комиссияси ҳамда ишчи гуруҳ фаолиятини намунали ташкил этишда кўмаклашди. Танловни туманимиздаги умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва  ўқувчилари кузатиб боришди. Номзодларнинг ижодий ишларини ҳакамлар ҳайъати  аъзолари кўриб, улар орасида энг муносиблари танланди. Ишчи гуруҳ хулосаси ва овоз бериш натижаларига кўра кўпчилик овоз билан юқори балл тўплаган 5 нафар номзод Зулфия номидаги Давлат мукофотига тавсия этилди.

1. Адабиёт йўналиши бўйича 3-умумтаълим мактабининг 11-синф  ўқувчиси Шукуруллаева Фарзона.

2. Фан йўналиши бўйича 30-умумтаълим мактабининг 8-синф  ўқувчиси Рахмонова Райхона.

3. Таълим  йўналишида  4-умумтаълим мактабининг 11-синф  ўқувчиси Вафоқулова Барно.

4. Жамоатчилик йўналиши бўйича Human uz. ахборот портали мухбири  Юнусова Наргиза.

5. Санъат  йўналишида эса 11-синф  ўқувчиси Каримова Нозима Валижон қизи.

 

    Танловнинг вилоят босқичига иштирок этганлар орасидан жамоатчилик йўналиши бўйича Human uz. ахборот портали мухбири Юнусова Наргиза Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

     Н. Юнусова меҳнат фаолиятини 2016 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши муассислигидаги «Yoshlar ovozi» газетасига мухбир лавозимидан бошлаган. У 2017 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Ёш китобхон» кўрик-танловининг вилоят босқичида 1 ўринни қўлга киритган.

     Наргиза 2018 йилда туман хотин-қизлар қўмитаси қошида «Фаол аёллар» клубини ташкил этиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, психологик мадад кўрсатиш дарсларини соҳа мутахассисларини, жумладан, психолог, ҳуқуқшуносларни жалб этган ҳолда семинар-тренинглар ўтказиб келмоқда.

     Мақоламиз қаҳрамонининг бадиий ижодга иштиёқи баланд. Унинг “Латиф туйғулар” ҳамда “Бекатсиз йўл” шеърлар тўплами чоп этилган.

      Н. Юнусова ижод қилиш билан бирга, замонавий илғор технологияларни ўзлаштиришга ҳам интилади, “Ziyonet” таълим тармоғи, халқаро электрон кутубхоналар, энциклопедиялар ҳамда илмий-оммабоп сайтлардан мунтазам фойдаланади. “Соғ танда соғлом ақл” шиорига амал қиладиган Н. Юнусова спортнинг стол теннис, баскетбол, сузиш каби турлари билан мунтазам шуғулланади.

     Наргиза каби билимли, интеллектуал салоҳиятли, интилувчан ёшлар келажагимизнинг том маънодаги эгалари, десак муболаға бўлмайди.  Биз эса жамиятнинг фаол ва ҳаракатчан аъзоси Наргиза Юнусовага омад тилаймиз!, Зеро, қалби шижоатга тўла истеъдод эгалари юртимиз тараққиётига албатта, муносиб ҳисса қўшишади.  

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © TAYLOQ TUMAN HOKIMLIGI. Sayt SAKTRM tomonidan ishlab chiqildi