Ҳарбий ватанпарварлик фестивали
11.01.2020 - 18:11Юртимизда ҳар йили 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни миллий байрам сифатида кенг нишонланади. Бу бежиз эмас, албатта. Сиз-у бизнинг бугунгидек, тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда. Мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак ва уларнинг ҳақларига дуо қилсак арзийди.
Бугун эрта тонгдан туман ҳокимлиги биноси олдида “Ватанпарварлик ойлиги”, қолаверса, Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимизнинг 28 йиллигига бағишланган ҳарбий ватанпарварлик фестивалига иштирок этиш учун минглаб кишилар тўпланди. Дастлаб, югуриш марафонига старт берилди: Ёшлар ҳамда спортчилар туман ҳокимлиги биноси олдидан марказий ўйингоҳгача бўлган масофани босиб ўтишди. Шундан сўнг, кўча бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг тантанали марши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сержантлари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, ички ишлар ходимлари, захирадаги ва фахрий ҳарбий хизматчилар, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари, чақириққача бўлган ёшлар, “Қалқон жасорат мактаби” нодавлат таълим муассасасининг ўқувчилари иштирок этишди. Шу ўринда бу маршда мактабгача таълим ташкилотларининг жажжи тарбияланувчиларининг фаол иштирокини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Улар келажакда мард, жасур, соғлом ва бақувват Ватан ҳимоячилари бўлиб улғайишлари шубҳасиз.
Марафонни туман ҳокими Б. Бабоназаров бошчилигидаги корхона, ташкилот, муассасаларнинг раҳбар ва ходимлари, маҳалла ёшлари ҳамда туман аҳолиси давом эттирди. Минглаб кишилар ушбу юриш марафонида кўтаринки руҳда қатнашди.
Тадбир туманнинг марказий ўйингоҳида давом эттирилди.
Ўйингоҳ бўйлаб саф тортган баланд бўйли, соғлом ва бақувват ҳарбий хизматчиларга қараб дилида фахр туйғусини ҳис қилди киши. Улар томонидан намойиш этилган жанговор ҳаракатлар, кўргазмали чиқишлар томошабинларга ўзгача руҳ бахш этди. Худди шундай саҳна кўринишлари билан ҳаваскор ёшлар ҳам фаол қатнашди. Туманимиз санъаткорлари томонидан куйланган тароналар ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.
-Ватан - бу уйимиз, ота-онамиз. Ватанни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийларнинг эмас, барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Касб-корига яраша кимдир эл осойишталигини, кимдир маънавиятни, кимдир иқтисодни, кимдир мафкурани, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун курашади. Ҳаммамизнинг умумий мақсадимиз она Ватанимизни, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асрашдир, -дейди “Нуроний” жамғармаси раиси М. Тўраев.
Тадбир давомида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўзларининг “Ҳарбий-ватанпарварлик юриш карвонлари” ва бешта муҳим ташаббус бўйича тайёрланган чиқишларини намойиш этдилар. Шундан сўнг бўлажак ёш аскарлар замонавий ҳарбий техникалар ва қурол аслаҳалар кўргазмасини томоша қилишди.
Туманимизда илк бор ўтказилган "Ҳарбий ватанпарварлик фестивали" халқ ва армия бир-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини яна бир бор англаш, ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этиш имконини берди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.