Туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими куз-қиш мавсумига тайёр эмасми?

   Zarnews.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги каналларида “Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими куз-қиш мавсумига тайёрланмаган” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

  Унда вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар вақтида муассасанинг иссиқлик тизими таъмирланмаганлиги сабабли, беморлар томонидан электр иситкичлардан фойдаланаётганлиги, хоналарда ёритиш тизими созланмаганлиги, том қисми таъмирланмаганлиги боис ташқи деворларда намланиш юзага келганлиги, шунингдек, Хўжақишлоқ, Боғизоғон, Боғичинор маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар ва 1, 12-умумтаълим мактабларидаги муаммолар хусусида сўз юритилган.

   Мазкур мақола юзасидан туман ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

   Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли ички касалликлар бўлими 2015 йилда Давлат инвестиция дастури доирасида замонавий лойиҳа асосида 3 қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бўлимнинг барча хоналарига алюмин батариялар ўрнатилган бўлиб, бино замонавий иситиш қозонлари билан иситилади. Бундан ташқари, бинонинг 3- қавати учун алоҳида тежамкор иситиш қозони ўрнатилган, айни пайтда барчаси иш ҳолатида. Ҳатто, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида мазкур иситиш тизимлари тўлиқ назоратдан ўтказилган. Бироқ, бугунги кунда ички ҳарорат 18-20 градусни ташкил қилиб, талаб даражасидан паст. Бу эса, совуқ тушиши билан табиий газга бўлган эҳтиёж ошганлиги ва шу сабаб газ босими сезиларли даражада пасайиб кеганлиги билан боғлиқ.  Муассасада беморлар учун керакли ҳароратни таъминлаш мақсадида вақтиинчалик электр иситгичлардан фойдаланилган.

  Таъкидлаш жоизки, ҳозирда муассаса масъуллари томонидан ички имкониятларидан келиб чиқиб, газ босимини кўтариш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, бўлимларда иссиқликни таъминлаш мақсадида мавжуд иситиш қозонларини замонавий тежамкор, икки контурли  “Весманн” қозонларига алмаштириш ишлари бошланди.

   Шунингдек, мақолада Боғичинор маҳалласидаги 2 ва 3-уйларнинг ертўласига йўл ёқасидан оқиб келаётган сув кираётганлиги, уйларнинг атрофига тўлиқ ирригация тармоқлари ҳамда тунги ёритгичлар ўрнатилмаганлиги айтилган.  Мазкур турар жойлар 2017 йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” қурилиш корхонаси томонидан бунёд этилган. Қурилиш жараёнида ёғингарчиликлар инобатга олинмаган, бино сатҳи йўл ёқасидан анча пастда жойлашганлиги сабабли қор, ёмғир сувлари бино ичкарисига кирмоқда. Ушбу муаммо Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш  Вазирлиги “Кўп хонадонли уйларни, иссиқлик таъминоти обьекларини қуриш бўйича инжинеринг компанияси” ДУК Самарқанд вилоят филиалининг 2021 йилги Давлат дастурига киритилди. Унда мазкур бино атрофида 200 пагонаметр ирригация тармоғини қайта қуриш, олтита тунги ёритгич ва иккита болалар майдончаси барпо этиш режалаштирилган.

   Мақолада Хўжақишлоқ маҳалласининг 1 ва 2-уйлар атрофида ирригация тармоқлари йўқлиги таъкидланган. Бироқ, ўрганишлар жараёнида бу маълумот нотўғри эканлиги, ирригация тармоғи мавжудлиги, Боғизоғон маҳалласидаги 1,2 ва 3-уйлар эса газ тармоғига уланганлиги  аниқланди.

   Туман ишчи гуруҳи томонидан 1 ҳамда 12-умумий ўрта таълим мактабларидаги муаммолар ҳам ўрганилиб, муаммолар бартараф этилди.

 

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди