БИЗ СЕНИ ЕНГАМИЗ, КОРОНАВИРУС!

   Бугун Тойлоқ туман ҳокимлиги, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда саховатпеша тадбиркорлар ҳамкорлигида коронавирус инфекцияси тарқалиши ва юқишининг  олдини олиш мақсадида “Бепул ниқоб” акцияси ўтказилди. Боғизоғон деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган мазкур акция доирасида шахсий гигиена қоидаларига ҳамда карантин ҳолатида жорий қилинган тартибларга тўлиқ амал қилиш юзасидан аҳолига огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

   Акция маҳаллалардаги боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор ва камбағал оилалар хонадонида давом этди. Ниқоб тарқатиш жараёнида, аҳолига имкон қадар уйда ўтириш, кўчага чиққанда эса ниқоб тақиб юриш, жамоат жойларида ҳозир бўлмаслик, мулоқотларда қўл бериб сўрашмаслик, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш каби тартиблар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

  Акция туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этади.

    Башарият устидан ҳукмрон бўлишга интилаётган бу тождор дард, афсуски,  юртимизга ҳам кириб келди ва кишиларни саросимага солди. Бироқ, мана шундай қийин вазиятда халқимиз  меҳр-оқибатли, якдил ва саховатпеша эканлигини яна бир бор намоён этди. Коронавирус деган кулфат бошимизга ёғилиб, ортидан бир қанча қийинчилик ва ноқулайликларни келтириб чиқараётган бир пайтда қўли очиқ кўплаб тумандошларимиз хайр-эҳсон улашишга ошиқишди.  Кимдир ун, ёғ, тозоловчи воситалар тарқатган бўлса, яна бошқаси, “Мана шу асални бева-бечораларга бўлиб беринг”, “Мана бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари биздан эҳсон бўлсин” дея туман ҳокимлигига мурожаат қилишмоқда.  

   Бу каби эзгулик истовчи яхши инсонларга ўз миннатдорчилигимизни билдирирамиз ва шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, биз  биргаликда катта кучмиз. Бирлашиб, бу балони, албатта, мағлуб этамиз. Уруш йилларида, қаҳатчиликда ҳам халқимизнинг иродаси букилмади, аксинча, меҳрли, оқибатли халқ эканлигимизга тарихнинг ўзи гувоҳ. Маънавияти юксак халқимиз бу синовни янада жипслашиб, ваҳималарга эмас, эртанги кунига бўлган ишончи, соғлом онги, эзгу амали ва оқибати ила енгамиз.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди