Ватанимизнинг бирдамлик қўшиғи

10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси қабул қилинган кун

                        

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1-боб, 5-модда)

       Бундан  27 йил муқаддам, яъни 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган ва Давлатимиз рамзларидан бири саналган  мадҳиямизда  Ватанимизнинг, юртимизнинг қудрати, ҳусну жамоли, бой ўтмишимиз, нурафшон келажагимиз, халқимизнинг орзу- интилишлари мужассамлашган, десак янглишмаймиз.    

    Машҳур тумандошимиз,  спорт яккакурашлари бўйича кўп карра жаҳон ва  Осиё чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси Гулмира Исматова   шундай ҳикоя қилади:

   — Спортдаги ғалабаларим  шарафига   кўп  бор  Ватанимиз байроғи кўтарилиб, Мадҳиямиз янграган. Ўша лаҳзалардаги ҳиссиётимни сўз билан таърифлашнинг сира иложи йўқ. Айниқса, кураш бўйича Термизда  ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ғалабамдан  сўнг, тақдирлаш маросимида минглаб  ватандошларимиз кўз ўнгида  Мадҳиямизни кўзларимда севинч ёшлари билан куйлаганим сира хотирамдан ўчмайди.Хорижий сафарлар чоғида жуда кўп давлатларнинг мадҳияларини эшитганман. Комил ишонч билан айта оламанки, бизники улар орасида бетакрор...

                             

    Дарҳақиқат, мадҳиямизни ҳар гал тинглаганимизда , ўрнимиздан туриб ва қўлимизни юрагимиз устига қўйиб куйлаганимизда қалбларимиз ғурурга, кўзларимиз эса сурурга тўлаверади.

     Бугун  туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида мадҳиямизнинг 27 йиллиги тантанали нишонланди. Байрам тадбирида йиғилганлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Мадҳиясини туман маданият бўлимининг хонанда ва созандалари билан биргаликда жонли ижро этишди. Шундан сўнг туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж. Ҳақбердиев, Республика маънавият ва тарғибот маркази туман бўлими раҳбари З. Авазов ҳамда туман адлия бўлими бошлиғи А. Ғафоровлар сўзга чиқиб, мадҳиямиз яратилиши тарихига назар ташлашди ҳамда у билан боғлиқ маълумотлар хусусида сўз юритишди.  

                            

   Туман маданият бўлими  томонидан ижро этилган  она Ватанни, истиқлолни, меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи тароналари барчага байрам шукуҳини улашди.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди