Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бабоназаровнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ

      Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!

Қадрли байрам иштирокчилари!

 

     Бундан 27 йил аввал мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берди, ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш ва миллий давлатчилик пойдеворини қуришда муҳим қадам бўлди.

    Ўтган даврда Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

     Бош Қомусимиз халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратди.

    Тўғри, бугун дунёдаги деярли барча мамлакатлар ўз Конституциясига эга, лекин бизнинг Бош Қомусимиз бошқа давлат конституциясидан фарқланиб туради. Бу ўринда, аввало, Конституциямизга жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Баҳовуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби алломаларимизнинг инсонни маънавий комилликка чорловчи қарашлари руҳи сингдирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтсак тўғри бўлади.

    Шу асосда Конституциямизда инсон манфаатлари устуворлиги алоҳида кафолатланган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.

   Бу сиёсат Асосий Қонунимиздаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган қоида талабларига тўла мос келади. Кундалик турмушимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгаришлар жараёнида ҳам бу қоида устувор эканлигини ҳаммамиз билиб, сезиб турибмиз. Буни мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳбарлигида халқимизни рози қилиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш, одамлар турмуш даражасини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам кўришимиз мумкин.

    Инсоннинг бахтли яшаши учун, энг аввало, эркинлик, тинчлик ва ижтимоий адолат муҳити лозим. Яратганга шукурки, эркимизни қўлга киритганмиз ва мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ҳукм сурмоқда.

    Мамлакатимизда ижтимоий адолатни тўла қарор топтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳаммамиз кўриб, ҳар куни ҳис қилиб турибмиз. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётимизга жўшқинлик бахш этаётир.

 

Азиз дўстлар!

    Бош Қомусимиз юртимизда озод демократик жамият барпо этишнинг, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам  қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

     Маълумки, 2019 йилнинг 22 декабрь куни юртимизда улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Бу хақда сўз юритганда, аввало, ҳар томонлама юқори савияда ташкил этилаётган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида яна бир муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, ҳалқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам эканлигини, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимизнинг бугунги ва эртанги тақдири учун дахлдорлик ҳисси тоборо ортиб бораётганини амалда яққол намоён этишини таъкидлаш лозим.

    Ушбу сайловнинг миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари, демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкоралик, тенглик ва холислик принципларига тўла мувофиқ ўтказилиши Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб берилганлигидан далолатдир.

Ҳурматли тумандошлар!

     Жорий йилни Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Давлат дастури ишлаб чиқилиб, барча йўналишлардаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишга имкон яратиб бермоқда.

      Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади - аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир.

      Жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган бу сиёсат кейин ҳам сўзсиз давом эттирилади.

     Энг асосий устувор вазифа – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари

     Эртанги кунга бўлган ишонч, аввало, қурилиш ва бунёдкорлик ишларида ҳам намоён бўлмоқда. Биргина жорий йилда туманимизда 3 та таълим, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та қишлоқ врачлик пункти қуриб фойдаланишга топширилди.

Туман марказида замонавий Ер ресурслари ва давлат кадастр биноси, шунингдек, Республикамизда саноқли ва эндигина амалиётга қўлланилаётган иқтисодий суд, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд, маъмурий суд ҳамда жиноят ишлари бўйича туман судларини ўзида бирлаштирган замонавий судлар биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

     Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар сони яна 126 тага кўпайиб, жами 1124 тага етди. Энг қувонарлиси, жорий йилнинг 11 январь куни Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевннг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларига асосан Тойлоқ тумани марказидан 2019-2020 йиллар давомида 16 та кўп қаватли жами 960 та хонадонлар қуриш режалаштирилган бўлиб, 4 та кўп қаватли 240 та хонадонлар жорий йилнинг ўзида қуриб битказилмоқда.

     Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг 2019 йил 31 январдаги туман сессиясидаги топшириғига мувофиқ “Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш” жамғармасининг 8 млрд сўм маблағлари ҳисобидан жами 15,2 км, шундан “Самарқанд шаҳар-Сочак қишлоғи” автомобиль йўлининг 2,3 км қисми, “Жумабозор-Чорбоғтепа” автомобиль йўлининг 8 км қисми, Эскижума автомобиль йўлининг 4,89 км қисми асфальт қоплама билан таъмирланди. 18 та қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик суви тармоқлари барпо этилиши натижасида 8650 нафардан кўпроқ аҳоли хонадони янада қулай шароитга эга бўлди.

      “Обод қишлоқ” дастури асосида тумандаги “Олмазор”, “Навбаҳор”, “Хўжақишлоқ” қишлоқларида мавжуд 1316 та аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун 1111 та уй-жойлар таъмирдан чиқарилди, 2 та янги ичимлик суви иншооти қурилди, 2 та мавжуд сув иншооти реконструкция қилинди ва 15,7 км тармоқ тортилди, 3 та янги ТП ўрнатилди, 6 таси таъмирланди ва 21,9 км тармоқлар таъмирланди, 6,2 км асфальт қопламали, 12,3 км шағал қопламали ички йўллар таъмирланди, 350 та хонадон суюлтирилган маиший газ баллонлари билан таъминланди, 6 та ижтимоий соҳа объектлари, 16 та бозор инфратузилмалари объектларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

                                                                                                   Ҳурматли дўстлар!

    Ўзбекистоннинг бахтли ўғил-қизлари, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар нафақат сифатли таълим, балки муносиб турмуш шароитларига ҳам эга бўлиб бормоқдалар. Нафақат туман маркази, балки олис қишлоқларимизда ҳам замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар, муҳташам турар-жой бинолари, янги қиёфага кираётган кўча ва хиёбонлар кўпайиб бормоқда.

    Давлатимиз томонидан тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун шарт-шароит яратиш борасида олиб бораётган сиёсати туфайли, туманда жорий йилда Саноат йўналишида 109 млрд 400 млн. сўмлик 8 та, Хизмат кўрсатиш соҳасида 16 млрд 60 млн. сўмлик 10 та, Қишлоқ хўжалиги соҳасида 31 млрд 935 млн. сўмлик 25 та лойиҳалар амалга оширилди.

    Туманда ишлаб чиқарилаётган 17 турдан зиёд маҳсулотлар бугунги кунда Ҳамдўстлик давлатлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Тожикистон, Афғонистон ва Хитой давлатларига етиб бораётгани ҳам ҳуқуқий асос мустаҳкамлиги, берилаётган имтиёз ва приференциялар кўламининг йилдан-йилга кўпайиб боришидан далолат беради.

    Тойлоқлик деҳқон ва фермерларнинг омилкорлиги ва фидойилиги туфайли давлат пилла режаси 101 фоизга, ғалла 120 фоизга бажарилиб, юзлари ёруғ бўлди. Бундан ташқари, 137,5 минг тонна картошка, 19,5 минг тонна пиёз, 16 минг тонна сабзи етиштирилиб, нафақат туман, балки бошқа ҳудудлар аҳолиси дастурхонига етказиб берилаётгани ва бунинг орқасидан деҳқонларимизнинг даромади ошмоқда. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланиб, жорий йилда 19.9 млн. доллар миқдорида хорижга экспорт қилинди. Энг асосийси, жорий йил якуни билан туман бўйича 1964 тадан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бунинг асосий қисми хотин-қизлар ва ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

Қадрли байрам иштирокчилари!

    Айнан Конституция берган имкониятлар туфайли мамлакатимизда фуқаролик жамияти жадал ривожланмоқда. Ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда ташаббускорлик, жўшқинлик юзага келди. Ҳеч шубҳасиз, эришилаётган бундай ютуқларда нафақат ёшлар, балки даврамизнинг тўри, хонадонимиз файзи ва фариштаси бўлган отахону онахонларимизнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.Ўз навбатида, катта ҳаёт мактабини босиб ўтган йўлбошчиларимиз учун муносиб шарт-шароит яратилаяпти, иззат-икром  кўрсатиляпти.

    Жонажон диёримизда юрт равнақи ва эл фаровонлиги йўлида қилинган самарали меҳнат, албатта, рағбат топишига барчамиз кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.Бу йил ҳам мустақиллик байрами ва бошқа касб байрамлари арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан мамлакатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлдилар. Мукофотланганлар орасида туманнинг “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги раиси Маърупов Бахтиёр “Меҳнат шуҳрати” ордени,
4 умумтаълим мактаби она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Норбоева Нодира Насруллаевна “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлиги барчамизнинг кўнглимизни фахр ва қувончга тўлдирди.

Азиз тумандошлар!

     Яратиб берилган шарт-шароитдан унумли фойдаланаётган ёшларимиз эса ўқиш ва ишда, ижод ва спортда юксак марраларни қўлга киритмоқдалар.2019 йилда туманимиз спортчилари ҳам улкан ютуқларни қўлга киритишди. Жумладан, ихтисослаштирилган Тойлоқ Олимпия захиралари спорт интернат-мактабининг мураббий ва иқтидорли ёш спортчи талабалари биргина 2019 йил давомида Республика мусобоқаларида қатнашиб, 128 та олтин, 106 та кумуш, 130 та бронза, Осиё чемпионатларида 4 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза, Жаҳон чемпионатларида 1 та кумуш, 4 та бронза, халқаро турнирларда 10 та олтин, 1 кумуш, 9 та бронза, Республика турнирларида 10 та олтин, 20 та кумуш, 35 та бронза, вилоят чемпионатларида 35 та олтин, 23 та кумуш ва 44 та бронза, Болалар ўсмирлар спорт мактаб спортчи ўқувчилари томонидан Ўзбекистон чемпионатида 6 та олтин, 12 та кумуш, 36 та бронза медалларини қўлга критдилар.

    Бугунги кунда 39 нафар иқтидорли талабалар Республика терма жамоаси аъзолигига қабул қилинган бўлса, 97 нафари терма жамоа аъзолигига номзодликка қабул қилинган. Бундай ютуқларни қўлга киритишда тажрибали мураббийларнинг ҳиссаси катта.

    Мана шундай байрам кунларида тенгдошларига ўрнак бўлаётган, юрт шаънини муносиб ҳимоя қилаётган ёшларимизни ҳар қанча қутласак оз. Келаётган янги йилда бундай ёшларимизнинг сафи янада кенгаяди, деган умиддамиз.

Ҳурматли дўстлар!                       

    Ўзбекистон равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, туманимизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол хизмат қилаётган Ободонлаштириш бошқармаси, юксак маънавияти ва интеллектуал қобилияти билан ибрат бўлаётган туман халқ таълими соҳаси, касб-ҳунар коллежлари, соғлиқни сақлаш соҳаси, Йўл қурилиш бўлими, электр тармоқлари корхонаси, газлаштириш идораси, Пенсия жамғармаси, Бандлик маркази, Суғурта, Молия ва Ғазначилик бўлимлари, Давлат солиқ инспексияси, тумандаги Агро банк ва Халқ банки, тумандаги деҳқон бозорлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси, Ветеринария бўлими, саноат ва қурилиш корхоналари, ҳуқуқ тартибот идораларини, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва барча туман ташкилот раҳбарларини елкама-елка туриб туманимиз ривожланишига қўшган ҳиссангиз учун Сиз азизларга туман ҳокимлиги номидан миннадорчилик изҳор қилишга рухсат бергайсизлар.

Азиз дўстлар!

   Сиз, азизларни, Сизнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳлини Конституциямизнинг 27 йиллиги билан чин дилдан табриклаймиз.Сизларга оилавий бахт ва мустаҳкам соғлик тилаймиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

      Байрамингиз муборак бўлсин!

    Эътиборингиз учун раҳмат

 

Тойлоқ шаҳарчаси,                                                                                                         2019 йил  6 декабрь,

туман ҳокимлиги йиғилиш зали.                                                                                     соат 14.00

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди