Туманимизда қўшалоқ байрам нишонланди

     Бу йил Бош Қомусимизнинг қабул қилинганига 27 йил тўлди. Шу муносабат билан юртимизнинг барча гўшаларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугун туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида йиғилган жамиятнинг фаол аъзолари ҳам Конституция кунини тантанали нишонладилар. Байрам тадбирида туман ҳокими Б. Бобоназаров, туман ИИБ бошлиғи М. Шермуҳаммедов ҳамда туман ташкилотлари, корхона ва муассасалари раҳбар ва ходимлари, ҳуқуқ-тартибод идоралари вакиллари, маҳалла раислари ва фаоллари иштирок этишди.

     Бутун зал узра мадҳиямиз янграгач, туман ҳокими Б. Бобоназаров сўзга чиқиб, барчани байрам билан қутлаб, эзгу тилакларини билдирди. У ўз нутқида Конституциянинг ҳаётимизда, фаолиятимизда тутган ўрни ҳақида сўзлади: Бугун дунёдаги деярли барча мамлакатлар ўз конституциясига эга, лекин бизнинг Бош Қомусимиз бошқа давлат конституциясидан фарқланиб туради.

                                      

     Бу ўринда, аввало, конституциямизга жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Баҳовуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг инсонни маънавий комилликка чорловчи қарашлари руҳи сингдирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтсак тўғри бўлади, - деди Б. Бобоназаров.

                                          

    Шундан сўнг турли соҳаларда, жумладан, халқ таълими, мактабгача таълим, тиббиёт, маданият, спорт, йўл-қурилиш, уй-жой қурилиш, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги, электр таъминоти каби соҳаларда самарали ва фидойиларча меҳнат қилган 75 нафар раҳбар ва ходимлар туман ҳокимининг ташаккурномаси, “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, туман ҳокими Б. Бобоназаров декабрь ойининг иккинчи якшанбаси - қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан, соҳа меҳнаткашларини касб байрамлари билан табриклади ва вилоят ҳокими Э. Турдимовнинг совғаларини ўз эгаларига топширди. Энг қувонарлиси,  туман ҳокими узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган ҳамда соҳани ривожлантиришда, аҳолига сифатли ва сервитамин маҳсулотларни етказиб беришда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган  туман хокимининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳусан Нарзиқуловнинг кўксига “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонини тақди ва мукофот билан қутлади.  

                                       

   Тадбирнинг иккинчи қисмида туман маданият бўлимининг хонандаю созандалари барчага байрамона кайфият улашдилар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди