Янги тизим жорий этилади

    Туманимиз мева-сабзавот маҳсулотлар етиштириш бўйича вилоятимизда етакчи ўринларда туради.
Ҳудудимизда шу йўналишда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларига 967 гектар мевали боғ ва 3102 гектар токзорлар ажратиб берилган. 

    Кўпчилик фермер хўжаликлари томонидан боғ ва токзорлардан юқори ҳосил олиниб, қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга шароит яратиб берилиши билан бир қаторда бозорларда нархларнинг барқарор ушлаб турилишига қулай шароит яратилмоқда. Лекин таҳлиллар шуни кўрсатадики, сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда ҳанузгача мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилишда камчиликлар мавжуд эканлиги республика раҳбарияти томонидан жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Республика бўйича келгуси йилда мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини 2,5 млрд. долларга, кейинги ўн йилда 5 млрд долларга етказиш имконияти мавжуд бўлса-да қишлоқ хўжалик экинлари ва уларнинг навларини тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни ошириш, йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспортга тайёрлаш бўйича логистика марказларини ташкил этиш ишларида сусткашликка йўл қўйилганлиги маълум бўлди.
    Ташқи бозорда гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом ва цитрус маҳсулотларига талаб юқори бўлган бир пайтда туманда бу турдаги маҳсулотлар улуши 25-30 фоиздан ошмаётганлиги соҳага жиддий эътибор қаратиб интенсив усулдаги янги боғ ва токзорларни ташкил этиш вақти келганлигини кўрсатмоқда.
     Бундан ташқари мева-сабзавотларнинг 60-65 фоизи аҳоли хонадонларида ва томорқаларда етиштирилса-да бу соҳада маҳсулот етиштириш — харид қилиш — сақлаш — экспортга чиқариш бўйича кооперация ва кластер тизими жорий этилмаганлиги соҳанинг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
     Соҳада олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Республика мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифаларга кўра туманларда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қиладиган ва қайта ишлайдиган танлов асосида кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- Кластерлар таклифлари асосида экспортбоп мева-сабзавот экинларини фермер хўжаликлари кесимида жойлаштириш;
- Экспортбоп узум етиштириш бўйича замонавий токзорларни ташкил этиш;
- Боғдорчилик, узумлик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳудудий тажриба станцияларида кўпроқ етиштиришни йўлга қўйиш бўйича «ИН — Витро» лабораторияларини ташкил этиш каби кўплаб вазифалар белгилаб берилган.
    
Ўйлаймизки, туманимизда ушбу вазифаларнинг бажарилишига тўлиқ имкониятлар мавжуд.

 

Ж. МУСУРМОНОВ,

«Ўзагроинспекция»нинг Тойлоқ туман бўлими катта инспектори.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди