Аҳоли ўртасида профилактик тадбир ўтказилмоқда

    Кейинги пайтларда юртимизда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ва у билан боғлиқ фожеали ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Бунга мавсумга пухта тайёргарлик кўрилмаганлиги ҳамда фуқароларнинг бепарволиги сабаб бўлмоқда.  Мана шундай аянчли ҳодисаларнинг рўй бермаслиги учун туманимизда ис газидан заҳарланиши, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ корхона, ташкилот ва муассасаларда, шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

 

    Профилактика тадбир давомида мутахассислар соҳа объектлари ва турар жойлардаги иситиш тизимлари, газ плиталари ва ёндиргичлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини ҳамда газ жиҳозларининг меъёрий талаблар асосида ўрнатилганлигини ўрганиб, мавжуд носозликлар бартараф этилмоқда. Шунингдек, хонадонлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари, дудбўронлар ва ҳаво тортиш тизимини техник тафтишдан ўтказишмоқда. Суюлтирилган газ баллонларидан овқат пиширишдан бошқа мақсадларда фойдаланмаслик, табиий ва суюлтирилган газдан кундалик ҳаётда тўғри ва оқилона фойдаланиш, қўлбола, ноқонуний электр приборлардан фойдаланмаслик юзасидан тушунчалар беришмоқда.

 

    Ижтимоий соҳа объектларида  ҳам табиий газ ва электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари, махсус сертификатлари мавжуд бўлмаган приборларни ишлатмаслик тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди