Вилоятимизда неча киши одам савдоси қурбонига айланди?

      Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, унга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Бу борада жойларда ўқув-семинарлари, давра суҳбатлари, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

     Ана шундай тадбирлардан бири туман ҳокимлигида ташкил этилди. Унда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, маҳалла маслаҳатчилари, ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшлар иштирок этишди.  

    Тадбирда  вилоят Ташқи меҳнат  миграцияси агентлиги ходими Бахронов Нурмамат ҳамда вилоят ИИБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходими  Тўлқин Элбоевлар одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тузилган ҳудудий комиссия фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтишди:

     Комиссия билан ҳамкорликда вилоят ИИБ томонидан олиб борилган ишлар натижасида, жорий йилнинг ўтган 10 ой мобайнида вилоят бўйича одам савдоси билан боғлиқ жами 8 та жиноий ҳолатлар (2018 йилда 5та) аниқланиб, мазкур жиноятларни содир этган 10 нафар шахсларнинг жиноий жавобгарлиги таъминланди.

   Ҳисобот даврида чет давлатларидан турли хил сабабларга кўра депортация килинган 273 нафар (2018 й.- 270 та) шахслар билан якка тартибда профилактик ишлар олиб борилиб, уларнинг барча муаммолари комиссия аъзолари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

    Бунда алоҳида эътибор, уларнинг одам савдоси қурбони бўлган-бўлмаганлигини ҳамда уларнинг қайси йўллар билан чет давлатларга, кимларнинг кўмагида чиқиб кетганликларини аниқлашга ва депорт қилиниш сабабларини мукаммал ўрганишга қаратилди.

 

    Шунингдек, одам савдоси жиноятидан жабрланувчи сифатида эътироф этилганлар 34 нафар (шундан эркак - 24, аёл - 10) жабрланувчиларнинг одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика Реабилитация Марказига юборилиши таъминланди.

    Тадбир давомида туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қуватова ҳамда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Н. Қудратовлар мавзуга оид фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб ўтишди. Қолаверса, тадбир иштирокчилари ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди