Кенгашда фаолият юритувчи котибият депутатлар фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда

   Кейинги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, 2021 йилнинг январидан Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилди. Бу депутатларнинг фаоллигини ошириш, доимий комиссияларнинг сессияга қадар ҳисобот ва ахборотлар билан танишиб, масалаларни чуқур ўрганилган ҳолда сессия кун тартибига киритиш амалиётини такомиллаштиришга ёрдам берди.

   Бугун Халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгаши котибияти мудири Бобур Ҳамроев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида кенгаш фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

   Таъкидландики, жорий йилнинг 9 ойида 17 марта туман Кенгашининг сессияси ўтказилиб, 183 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, ижро ҳокимияти раҳбарлари ва мансабдор шахсларнинг 71 та ҳисоботи ва 23 та ахбороти эшитилди. Яъни, авваллари сессияга киритилаётган масаланинг аксарият қисми корхона-ташкилотлардан олинган маълумотларга асосланган бўлса, энди 50 фоиз масала депутатлар ташаббуси, улар мониторинги асосида муҳокамага қўйилмоқда.

   Мисол учун, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия ҳамда Кенгаш котибияти ҳамкорлигида туман ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳолати ўрганилди. Бу ердаги жараён билан танишиб, мавжуд шароитларни кўздан кечиргач, тегишли хулосалар чиқарилди.

   Шунингдек, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг тумандаги ижроси ва “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда янги технологияларни киритиш” юзасидан туман ИИБ ЙҲХБ томонидан амалга оширилаётган ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар бевосита жойига чиқиб, аҳолининг фикрлари ўрганилиб, сессиялар кун тартибига киритилди. Қайсики, энди сессияга киритилган масала юзасидан фақат тегишли ахборот билан қарорлар қабул қилинмайди.

    Бунда албатта, Кенгаш депутатларининг ўз сайловчилари билан ўтказган учрашувларида ўртага ташланган саволларга ҳам аниқлик киритилади. Қолаверса, аҳолидан тушган ҳеч бир мурожаатни депутатлар эътиборсиз қолдирмайди. Аниқланган муаммо ва таклифлар асосида ижро ҳокимияти органлари ҳамда турли даражадаги раҳбарларга 58 та депутатлик сўровлари юборилган. Сўровлар асосида ижобий ечимини топган қатор масалаларни айтиб ўтиш мумкин.

  Жумладан, 18-Хўжақишлоқ сайлов округидан депутат Меҳрожиддин Aмонов томонидан юборилган депутатлик сўрови бўйича Тойлоқ туманидаги "Сарибозор" ва "Жумабозор" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 12 километр ички йўлларга тошшағал ётқизилди.

   10-Сочак сайлов округидан депутат Нилуфар Акрамованинг депутатлик сўровига асосан, М-39 магистраль йўлининг Сочак маҳалласидан ўтган қисмида пиёдалар йўлаги ташкил этилиб, светофор ўрнатилди.

   Бундан ташқари, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, ногиронлиги бўлган оилалар ва уларнинг фарзандларига ижтимоий аҳволини яхшилаш ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун депутатлик сўровлари орқали 84,5 миллион сўм маблағ ажратилди.

   Шу ўринда яна бир гап, айни пайтда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали туманимиз фуқаролари томонидан энг кўп овоз тўплаган 17 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Кенгаш сессияси қарори билан ҳар бир лойиҳа бўйича смета ҳужжатлари тасдиқланиб, тегишли ишлар бошлаб юборилган.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди