“Очиқ эшиклар куни” да касб-ҳунар мактаби ёшларга ўз эшигини очди

 

  Бугун ёшларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда таълим тизими, хусусан, касб-ҳунар коллежлари ва профессионал мактаблар муҳим ўрин тутади. Иш билан банд бўлмаган аҳолини, хусусан ёшларни, касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш бўйича барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Юртимизда касбга ўргатишнинг яхлит тизими шакллантирилган бўлиб, унда касб-ҳунар мактаблари муҳим ўрин тутади.

   Тойлоқ туманида 2 та касб-ҳунар мактаби фаолият юритаётган бўлиб, 980 нафар йигит-қизларга 7 та йўналиш бўйича касб-ҳунар сирлари пухта ўргатилмоқда. Хусусан, 1-сон касб-ҳунар мактабида:

-Автомобилларни таъмирлаш чилангари;

-Қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангари;

-Тикувчилик;пайвандловчи (электропайвандлвш);

-Иссиқхона ва парник хўжалиги лаборанти;

-Аппарат ва дастурий таъминот созловчиси;

   -Электромантёр каби йўналишларда 490 нафар ёшлар касб-ҳунар сирларини ўрганишмоқда. Уларга 18 нафар ишлаб чиқариш таълими усталари сабоқ беришмоқда.

   Бугун мазкур таълим даргоҳида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Унда 1-сон касб-ҳунар мактабининг 1 ва 2-босқич ўқувчилари ўз йўналишлари бўйича белгиланган шартлар асосида жамоларга бўлинган ҳолда беллашишди. Мазкур тадбирга мактабларнинг 9-синф битирувчилари ҳам таклиф этилган бўлиб, улар мактаб фаолияти билан танишиш билан бир қаторда, йигит-қизларнинг касбий маҳоратларини томоша қилиш имкониятига ҳам эга бўлишди.


 

   -Касб-ҳунар мактабида “Очиқ эшиклар куни” бўлаётганини эшитиб, мактаб фаолияти билан танишиш, ўқувиларнинг касбий маҳоратини кўриш мақсадида келдим. Ўзим автомобилларни тузатишга жуда қизиқаман. Шу сабабли ўқишимни ушбу мактабда давом эттириш ҳақида ўйлаяпман, -дейди 34-умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчиси Жасур Мўминов.

   Албатта, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

   Айниқса, умумий ўрта, касб-ҳунар, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги тадбир ҳам юқоридаги сўзимизнинг яққол мисоли бўла олади.

  - Жорий йилда 221 нафар ўқувчилар касб-ҳунар мактабни битиришади, - дейди ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари Икром Дўсқулов. – Касб-ҳунар мактабини битирадиган йигит-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида тумандаги бир қанча ташкилотлар билан икки томонлама шартномалар имзоланган. Жумладан, туман газ таъминоти корхонаси пайвандловчиларни, туман агросервис МТП қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангарларини, фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши эса иссиқхона ва парник йўналишида ўқиган ёшларни ишга қабул қилади. Қолган йўналишлардаги ёшларга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кўмаклашилади.

   Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, уларнинг истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, уларни муносиб иш билан таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади.

 

Нигина РАҲМАТОВА,

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди