Тойлоқлик фермер ғалланинг ҳар гектаридан 60-70 центнердан ҳосил олмоқда

   

   Ғалла - ризқ-рўзимиз. Буни яхши билган тойлоқлик фермерлар эл дастурхонини янада тўкин қилиш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.

   Туманда 2022 йил ҳосили учун 4375 гектар ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, шундан жами ишлаб чиқариш 34 минг тоннани, давлатга сотиш 12951 тоннани, уруғлик дон 1125 тоннани, товар дон 11826 тоннани ташкил қилади.

     Ғалла ўрим йиғимида 4 та “Кейс” ҳамда 2 та “Класс” русумли жами 6 та комбайнлар жалб қилинган.

     Жорий йил ҳосили учун 16 гектар майдонга сара буғдой навларини экиб, парваришладик, -дейди “Бобур агро Жаҳон” фермер хўжалиги раҳбари Муҳиддин Очилов. – Жорий йилнинг 11 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда юртбошимиз эски тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини таъкидлаб, 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилишини маълум қилган эди. Эндиликда ўзимиз етиштирган ғаллани давлатга бозор нархида сотиш имкони туғилди. Фермерларга берилган бундай имкониятдан фойдаланиб, келгуси йил учун янада кўпроқ ва сифатли буғдой етиштириш ниятидаман.

    Ғалладан бўшаган ер майдонини кам таъминланган оилаларга 2 гектардан бўлиб беришни ният қилган  бободеҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил чўғи ёмон эмас. Фермер ҳар гектар ердан ўртача 60 центнердан ҳосил кўтармоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди