Тойлоқда спортчи-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

   

  Ёшлик инсоннинг порлоқ келажаги учун уруғ қадайдиган баҳор палласидир. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсоннинг эртаси нурафшон. Аммо, айримлар “Ёшлик – бебошлик” дея ножўя ҳаракатларга қўл уриб жиноят кўчасига кириб қолганини билмай қоляпти. Бундайлар ўз бошига ўзи кулфат сотиб олади, десак, хато бўлмайди. Айниқса, кейинги пайтларда ёшлар ўртасида турли безориликлар, майда жиноятлар содир этилмоқдаки, бу жамият ривожига салбий таъсир ўтказмай қолмайди, албатта. Шу боисдан, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

   Ана шундай учрашувлардан бири бугун Тойлоқ туманидаги 29-сон мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди.

  Унда туман ҳокимининг ўринбосари Ж. Ҳақбердиев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Т. Ибодуллаев, Туризм ва спорт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Ж. Нурманов, туман бош имом хатиби Б. Исмоилов ҳамда Тойлоқ олимпия захиралари коллежи ўқувчилари ва мураббийлари, шунингдек туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси иштирок этишди.

 - Тадбирдан кўзланган мақсад спорт таълим муассасаларида таълим олаётган спортчи-ёшлар ҳамда профессионал спорт усталари ўртасида диний мутаассиблик, беўхшов соқол қўйиш, миллий қадриятларимизга зид ҳолда кийиниш, баданига “татировка” чиздириш каби иллатларнинг олдини олишдан иборат, -дейди Туризм ва спорт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Ж. Нурманов. -Ёшларни оммавий спортга жалб қилиш ва уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши ҳар жиҳатдан фойдали. Аммо спорт билан шуғуллангач, тўпланган тажриба ва кучни ғаразли мақсадларга сарфлаш эса энг хавфли иллатдир.

   Учрашув давомида сўзга чиқувчилар кийиниш одоби, соқол қўйиш талаблари, баданга “татировка” чиздиришнинг салбий оқибатлари, қолаверса, спортнипнг инсон саломатлиги ва келажакдаги мувоффақиятларидаги ўрни хусусида сўз юритишди. Ўзга давлатлардан "Оммавий маданият" сифатида кириб келаётган турли либослар, ҳатти-ҳаракатлар ва беўхшов қиёфаларнинг ёшлар таълим-тарбияси ва юрт ривожига салбий таъсири ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

 Дарҳақиқат, спорт билан тўғри мақсадда шуғулланиш, ён атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ҳам жисмонан ҳам маънан соғломликка эришиш инсонни муваффақиятлар сари етаклайди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди