Пресс-турда МТТлар фаолияти ўрганилди

 

  Ўсиб келаётган авлодни соғлом ва ҳар томонлама етук вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари, ҳамда усулларини жорий этиш, мактабгача таълимнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича туманимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 
  Болажонларимиз келажагига илк пойдевор қўйиладиган масканлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкиллаштирилди. 

    Навбаҳор маҳалласи Деҳқонобод қишлоғида қад ростлаган «Навбаҳор ёш ғунчаси» мактабгача таълим ташкилоти 2020 йил 1 сентябрда фойдаланишга топширилган.

   Давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил топган ушбу ташкилотнинг умумий қиймати 2 млрд. 250 млн. сўм бўлиб, тадбиркор Суҳроб Усмонов ўз маблағи ҳисобидан 650 млн. сўм сарфлаган. 


   Зарур шароитларга эга кенг ва ёруғ хоналарда  70 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Болаларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун бу ерда барча қулайликлар яратилган. Ҳар бир гуруҳ хоналари учун алоҳида ювиниш хоналари мавжуд. Бошқа боғчалардан фарқли ўлароқ бу ерда болажонлар ошхонада овқатланишади.

   Мактабгача таълим ташкилотида рус тили, инглиз тили, мусиқа ва тасвирий санъат, бадиий гимнастика ҳамда жисмоний тарбия тўгараклари фаолиятлари йўлга қўйилган. Бунинг учун эса малакали мутахассислар ишга жалб қилинган.
    — Лола Таниқулова ва Мусаллам Рашидова каби олий маълумотли педагоглар кичкинтойларнинг онги ва тафаккурининг соғлом шаклланишига ҳисса қўшсалар, Малика Марупова уларнинг саломатликларини назорат қилиб туради. Ошпаз Наргиза Ражабова эса мазали егуликлар пишириб дастурхонга тортади. — дейди МТТ директори С. Усмонов. — Бошида бироз чўчидик, аммо маҳалладошларимизнинг эҳтиёжларини инобатга олиб таваккал иш бошладик. Пандемия даврида қурилиш ишлари анча қийин кечди, бироқ боғчамиз очилган кундаги ота-оналарнинг, болакайларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, ҳамма қийинчиликларни унутилди. Асосийси, ўн нафар қишлоқдошимизнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Бугун боғчамизга нафақат маҳалламиздан балки туманимизнинг чекка қишлоқларидан ҳам болажонлар келишади.

   Худди шундай пресс-тур 42-МТТда ҳам бўлиб ўтди.

  120 ўринли мазкур боғча “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида ободонлаштирилаётган Ястепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган бўлиб, 2020 йилда  «Инқирозга қарши курашиш жамғармаси» ҳисобидан 3.300 млрд сўм  эвазига реконструкция қилинган.

    Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади. У боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлаб боради. Шундай экан, бу тизим фаолиятини янада кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади.

Д. КАМОЛОВА.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди