Тойлоқда маҳаллабай ишлаш тизимидаги самарадорлик қандай?

   Маҳаллани одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган тузилмага айлантириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “маҳаллабай” ишлаш тизимининг жорий этилиши аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

    Бу тизим мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд.

   Шу сабабли бугун жойларда бу борадаги ишларнинг сифат ва самараси таҳлил қилиб борилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири бугун Тойлоқ туманидаги 1-секторда бўлиб ўтди.

  Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Б. Бабоназаров раислик қилди. Шунингдек, йиғилишда сектор раҳбари, туман прокурори Асомиддин Сайпиддинов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Хўжамуродов, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Норқул Асадов, 2-бошқарув офиси раҳбари, маҳалла раислари ҳамда маҳаллаларга бириктирилган доимий вакиллар иштирок этишди. Йиғилишда бошқарув офислари ва маҳаллаларга бириктирилган доимий вакиллар томонидан ҳар бир маҳалланинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилганлиги ва унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, ҳар бир маҳаллада хонадонлар, тадбиркорлик субъектлари ва МФЙ бўйича сўровномаларнинг ўтказилиши ҳолати, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, жумладан, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш (имтиёзли кредит, субсидия, ер ажратиш, асбоб-ускуна олиб бериш, хонаки товуқ тарқатиш ва бошқалар) бўйича амалга оширилаётган ишлар каби масалалар муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари тизимда дуч келинаётган муаммолар ва уларни барнинг ечими юзасидан туман раҳбари билан очиқ мулоқотда бўлишди. Маҳаллабай ишлаш тизимини яна-да яхшилаш, жойлардаги муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим изланди.  

Нигина РАҲМАТОВА

Туман ҳокимининг матбуот котиби.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди