Ўрай Элипок маҳалласи янада обод бўлади

   Жорий йилнинг бошидан Тойлоқда туманнинг олис ва чегара ҳудудларини ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай ҳудудлардан бири Ўрай Элипок маҳалласи бўлиб, у Ургут тумани билан чегарадош ҳисобланади. Бу йил ўрай элипокликлар учун ўзгариш ва янгиланишларга бой йил бўлади. Сабаби, бу ерда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган ижтимоий, маиший масканларнинг янада ободлиги йўлида бир қатор ишлар амалга оширилади.

   Бугун туман ҳокими Б. Бабоназаров Ўрай Элипок маҳалласида қишлоқ фаоллари, кўчабошилари билан ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида гапирди. Маҳалла фаолларининг ободонлаштириш тадбирлари давомида нималарга эътибор қаратиш зарурлиги борасидаги таклиф ва тавсияларини тинглаб, “йўл харита”сига киритди. Унга кўра маҳалла кўчалари, электр тармоғи ва сув минораси таъмирланади, аҳоли хонадонларига ичимлик суви тармоғи тортилади, шунингдек, қишлоқда сартарашхона, дорихона, кутубхона каби маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриш ҳам кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари "Маҳаллабай ишлаш" тизими орқали аҳоли муаммолари ўрганилади ва ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланади. 

   Суҳбат давомида туман ҳокими ободонлаштириш тадбири доирасида аҳоли ўртасида ҳашарлар уюштириш, кўча ва ариқларни тартибга келтириш, уй деворларини оқлаш, манзарали дарахт ва гул кўчатларини экиш каби юмушларни бажаришда фуқароларнинг фаоллигини ошириш кераклигини таъкидлади.  

  Бугуннинг ўзидан туман электр тармоқлари ҳамда сувоқова корхоналари раҳбарлари соҳадаги муаммоларни ўрганишга киришишди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди