Вилоят судлари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун сайёр қабул ўтказди

    Бугун туманимиздаги 2-сон касб-ҳунар мактаби биносида  Самарқанд вилояти судьларининг судялари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга самарали ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда вилоят судининг судьялари И.Ҳамидорв, Ж.Ҳамраев, Ж.Юсупов ҳамда жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг раиси М.Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг раиси О.Назаров ва иқтисодий ишлар бўйича Тойлоқ туманлараро судининг раиси У.Муродов, туман прокуратураси ходими Ш. Маматқулов, туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М. Қуватовалар иштирок этишди.

   Сайёр қабулда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан жами 25 та мурожаат келиб тушди. Шундан 20 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, даъво аризаси қабул қилинди.

  -Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги тизим жорий этиш, яъни “Аёллар дафтари”ни шакллантириб, унга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларни киритиш орқали муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди, - дейди жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг раиси М.Эргашев. - Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказиб, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашяпмиз. Айрим масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар бериб, йўл-йўриқ кўрсатяпмиз, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўргатяпмиз. Бу, албатта, ўз самарасини беряпти.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди