Ғалла ҳосили салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ

 

 Мутахассисларнинг фикрича, қишки юмушларнинг белгиланган муддатларда сифатли бажарилиши майсанинг баравж ривожланишига хизмат қилиб, экиннинг турли касалликларга чидамлилигини таъминлайди. 
   Айни дамда Тойлоқ туман ғаллакорлари 2021 йил ҳосили учун 4 375 гектар суғориладиган майдонда бошоқли дон майсаларини парвариш қилмоқда. Об-ҳавонинг қулайлигидан фойдаланган бободеҳқонлар майсаларни озиқлантириш мақсадида дала бошига маҳаллий ўғит жамғариш ва экинни шарбат усулида ўғитлантириш каби тадбирларни амалга оширмоқдалар.

    Бу каби юмушларни сифатли бажариш эртанги ҳосилнинг гарови ҳисобланади. Шу сабабли бугун туман ҳокими Б. Бабоназаров фермер далаларида бўлиб, ғалла парвариши учун маҳаллий ўғит жамғариш ҳолати билан танишди. Жумладан, Бахшитепа, Боғизоғон, Элипок агрофирмаларида бўлган туман раҳбари фермерлар билан учрашиб, эртанги ҳосил бугунги ҳаракатга боғлиқ эканлигини, вақтни қўлдан бой бермай агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш шартлигини, ғалла экинининг ҳар гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш зарурлигини, сув йўлларини тартибга келтириш, ариқларни ковлаш каби юмушларни ҳам маҳалла аҳли билан уюшқоқлик билан бажариш зарурлигини таъкидлади. Туман раҳбари фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга алоҳида эътибор қаратиб, уларни штат бирлиги асосида ишга қабул қилиш шартлигини айтиб ўтди.

 

   -Агрофирмамиз ҳудудида 68 та фермер хўжалиги бўлиб шундан 50 таси ғаллачилик йўналишида фаолият юритади, -дейди Бахшитепа агрофирмаси раиси Қобилжон Арабов. – 2021 йил ҳосили учун 450 гектар майдонга ғалла экиб, парваришланмоқда. Мавжуд ғалла майдонларига 2,5 минг тонна маҳаллий ўғит чиқариш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 1, 200 тонна гўнг жамғарилди. Фермер хўжаликлари раислари билан ғалланинг ҳар гектарига 5 тоннадан эмас, балки 8-10 тоннадан маҳҳалий ўғит жамғаришга келишиб олдик. Имкон қадар шу мақсад сари ҳаракт қилмоқдамиз.

   Учрашув давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари муаммо ва таклифларини билдиришди. Хусусан, “Жавоҳир-Дилшод-Самандар” фермер хўжалиги раиси Баҳодир Азизов аҳоли томорқаси ҳамда фермер далаларини сув билан таъминлайдиган 2 кмдан ошиқ Дамариқ каналини қазишда техника кучи кераклигини билдирди. Туман ҳокими Б. Бабоназаров бу таклифни қўллаб-қувватлади ва техника билан таъминлашини маълум қилди.   

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

  

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди