Ўзига хос челленж

     Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоқлари орасида томорқачилик ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боисдан аҳолининг томорқа хўжалигини ривожлантириш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини яхшилаш, қўшимча даромад манбаига эга бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

        

      

     Бугун туманимизда томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бир қарич ерни ҳам увол қилмай, эрта баҳордан уруғ ва кўчат қадаб, ҳалол меҳнат ортидан рўзғор тебратишмоқда, фарзанд ўстиришмоқда.

    Аҳоли ўртасида томорқачилик маданиятини ошириш, дастурхонларимизни сифатли ва сервитамин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга эътиборни янада кучайтириш мақсадида туман маданият бўлими ходимлари ўзига хос челленж эълон қилишди. “Томорқачилик маданияти” деб номланган челленжда кишилар томорқачилик борасидаги меҳнат ва маҳоратлари самарасини акс эттирувчи фотосуратлар билан иштирок этишмоқда.   

     Дарҳақиқат, юртимиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Нима эксангиз унади. Серқуёш заминимизнинг саҳовати билан пишиб етилган ҳар бир ҳосилнинг таъмини бошқа ерда учратмайсиз. Шу боисдан, далаларимизда етиштирилган меваларнинг жаҳон бозорида харидори кўп.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.