Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фтизиатрия ва пульмонология хизматини 2023–2026 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҚАРОРИ имзоланди.

Қарор билан:

1) Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда – Марказ) фтизиатрия ва пульмонология касалликларини профилактика қилиш, ташхис қўйиш, даволаш ҳамда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича республиканинг бош муассасаси этиб белгиланмоқда, унга қўшимча 10 та вазифа юклатилмоқда;

2) фтизиатрия ва пульмонология хизматини ривожлантириш бўйича 4 йилга мўлжалланган 13 та банддан иборат мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланмоқда;

3) фтизиатрия ва пульмонология тизимлари такомиллаштирилмоқда:

а) туман кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги фтизиатрия бўлими ва хоналари негизида мавжуд фтизиатр ва пульмонолог штатлари доирасида ўпка касалликлари бўлими (фтизиопульмонология)ни ташкил этиш;

б) тунги уйқу сифати ва нафас олиш функцияси бузилишларини ташхислаш ва даволаш мақсадида ҳудудий фтизиатрия ва пульмонология марказлари негизида “Уйқу апноэ” мактабларини ташкил қилиш;

Маълумот учун: хорижий тадқиқотларга кўра 17-19 фоизгача йўл транспорт ҳодисалари оқибатидаги ўлимларнинг сабаби автотранспортни бошқаришда ухлаб қолиш ҳолатлари ҳисобланади. Шу каби муассасалар Германия, Исроил, Қозоғистон, Корея, Россия ва Хитой давлатларида фаолият юритмоқда.

4) 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили:

а) қуйидагилар амалга оширилади:

  • латент туберкулёз инфекциясига скрининг текширувлари сонини
    1 млн тагача (ҳозирги кунда ўтказилмайди);
  • латент туберкулёз инфекциясига чалинган шахсларни профилактик даволаш қамровини 21 мингтагача (2021 й. 12,3 минг);
  • туберкулёз микробактериясини тезкор ген-молекуляр ташхислаш қамровини 120 мингтагача етказиш (2020 й. 80 минг, 2021 й. 100 минг);
  • туберкулёз билан касалланган 18 минг нафар беморни дори воситалари билан таъминлаш, хусусан:

– 1-қатор (дорига сезувчан туберкулёз билан касалланган беморлар) – 15 минг (2020 й. 13 минг, 2021 й. 14 минг);

– 2 ва 3-қаторлар (дорига резистент туберкулёз билан касалланган беморлар) – 3 минг (2020 й. – 1,9 минг, 2021 й. – 2,3 минг);

б) туман тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳоли орасидан туберкулёз билан касалланишга мойиллиги бўлган хавф гуруҳига мансуб шахслар рўйхати шакллантирилади ҳамда:

  • ўсмирлар ва катталар рентгенологик (йилига 3,5 млн);
  • болалар иммунологик (йилига 520 минг) текширувдан ўтказилади;

5) 2023 йил 1 февралга қадар фтизиатрия касаллигининг Ягона электрон реестри ишлаб чиқилади;

6) хавф гуруҳидаги маҳкумлар билан бевосита алоқада бўлаётган ички ишлар ходимларини йиллик кўриклар доирасида латент туберкулёз инфекциясига скрининг ўтказиш тартиби жорий этилмоқда;

7) олис ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини тиббий скринингдан ўтказиш мақсадида “Ўпка саломатлиги” мобил бригадалари ташкил этилади;

Бунда, 13 та “Isuzu” микроавтобусларини хариди маҳаллий бюджет ҳисобидан, асбоб-ускуналарни эса халқаро грантлар ҳисобидан амалга оширилади.

8) қуйидагиларга розилик берилмоқда:

а) Марказга Шокир Алимовнинг номи тикланишига ва унинг номидаги илмий мактаб яратилишига;

б) Зоминдаги фтизиатрия диспансери негизида вилоят фтизиатрия
ва пульмонология марказининг Зомин тумани филиали мақоми берилишига ва унинг негизида фтизиатрлар амалий мактабининг очилишига;

в) Марказда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан молиялаштириладиган Миллий референс лабораторияси ташкил этилишига;

Бунда, қурилиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан (20 млрд сўм), жиҳозлаш эса хорижий грант маблағлари (1 млн долл.) ҳисобидан амалга оширилади.

г) Марказга, унинг ҳудудлардаги марказларига ҳамда катталар учун сиҳатгоҳларга кафолатланган бепул хизматлар пакетига киритилмаган тиббий хизматларни пуллик асосда кўрсатишга;

9) қуйидагилар тасдиқланмоқда:

а) 29 банддан иборат чора-тадбирлар дастури;

б) фтизиатрия муассасаларини қайта таъмирлаш дастури;

в) фтизиатрия муассасаларини жиҳозлаш режаси;

г) фтизиатрия сиҳатгоҳларини жиҳозлаш режаси;

Қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Давлат бюджетидан жами 351,3 млрд сўм, маҳаллий бюджетдан жами 30,3 млрд сўм, хорижий грантлардан жами 26,5 млн доллар ҳисобидан амалга оширади.

 

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM