Туманда "Президент арчаси" байрам тадбири бўлиб ўтди

Кеча туманимизда ўтказилган “Президент арчаси” тадбири фарзандларимизга қувончли онлар тақдим этди. Дилларга бир олам қувонч ва шодлик улашиб, барчамиз соғиниб кутган Янги йил айёми эшик қоқмоқда. Кумуш фаслнинг тароватли байрами болалигимизнинг беғубор лаҳзаларини ёдга солиб юбориши билан ҳам қадрлидир. Чунки бу айём биринчи галда болажонларимизга унутилмас лаҳзаларни тортиқ этади.

Янги йил байрамининг асосий тантанаси – “Президент арчаси” тадбири 29 декабр куни Ворсин маҳалласидаги маҳобатли “Темуржон” базмгоҳида бўлиб ўтди. Тадбирда ота-она қаровисиз қолган, Ватан ва сарҳадларимизни даҳлсизлигини таъминлашда, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари ва бошқалар, жами 208 нафар ўғил-қиз таклиф этилди.

Туман ҳокими Баҳодир Бабоназаров болажонларни Янги йил айёми билан муборакбод қилар экан, уларнинг келажаги ишончли қўлларда эканлиги, муҳтарам Президентимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етишишига қаратилганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг даврага болажонлар орзиқиб кутган Қорбобо ва Қорқиз, Буратино, бўри, тулки, қуён каби эртак қаҳрамонлари кириб келишди. Кўм-кўк арча атрофида ўйин-кулгу авжига чиқди. Тадбирнинг фаол иштирокчилари Қорбобо совғасидан баҳраманд бўлишди.

Маълумки, Янги йил арафасида Президентимизнинг байрам совғаларини жажжи ўғил-қизларимизга тантанали вазиятда топшириш анъанага айланган. Бу йил 21 нафар болажонларимиз ана шундай бахтга сазовор бўлишди.

Базмгоҳда бўлиб ўтган тадбирда ана шу совғаларни туман ҳокими Б.Бабоназаров топширди. Фарзандларимизнинг тўкин дастурҳон атрофидаги қувноқ кулгуси таниқли ҳофиз Сирожиддинов Ғазал бошлиқ туман Маданият бўлими санъаткорларининг куй-қўшиқлари билан уйғунлашиб кетди.

Тадбир болажонларимизга аъло кайфият бахш этди.

 

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM