Қонуннинг тўлиқ ишлашини кутиб ўтириш эмас, балки уни амалиётга жорий этишдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш керак

    «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун 2018 йилнинг 8 январь куни Президент томонидан имзоланган ва 2019 йилнинг 8 январидан кучга кирди. Унинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, асосий вазифалари сифатида маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг зарур институционал ва ташкилий механизмлари шакллантирилди, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд маъмурий тўсиқларни, сансалорлик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Умуман олганда, давлат идоралари ва ташкилотларининг маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган.

   “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги”ги Қонун амалиётга тўлиқ жорий этилиши зарур. Чунки мазкур ҳужжат айнан аҳолини бирон бир масала юзасидан давлат органларига мурожаат қилган вақтида турли расмиятчиликлар-у бюрократик тўсиқларга дуч келмай, иши осон ва қисқа вақт ичида битишига хизмат қилади.

   Лекин, очиқ айтиш керак, ушбу Қонун барча маъмурий органларда ҳам самарали ишлаётгани йўқ. Тўғри, бу 2018 йили қабул қилинган ва 2019 йил январь ойидан кучга кирган янги Қонун.

   Шундай бўлсада, унинг тўлиқ ишлашини кутиб ўтириш эмас, балки уни амалиётга жорий этишдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш керак. Шу нуқтаи назардан, асосий вазифалардан бири илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳисобланади.

   Маъмурий тартиб-қоидалар соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий ташкил этишнинг аҳамияти ҳақида сўз борар экан, бу бир томондан, давлат идоралари ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни, иккинчи томондан эса, кўплаб бўйсунмайдиган субъектлар – фуқаролар ва ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборатдир.

   Бинобарин, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида қонунийлик ва шаффофлик даражасини ошириш, стандартлаш ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

   Маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини, маъмурий-ҳуқуқий соҳада юзага келадиган муносабатларни тизимли ҳуқуқий тартибга солишнинг уйғунлигини таъминлайди, маъмурий тўсиқ ва ғовларни бартараф қилади, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларни ўз вақтида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этишнинг аниқ механизмларини кўрсатиб беради.  

 

Туман ҳокимлиги бош юристконсульти С. Азамов.

 

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM