Акцияда фаол иштирк этган маҳалла раислари рағбатлантирилади

   Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бошланган «Жонажон юртим ободлигига ҳиссамни қўшаман» шиори остидаги эзгу акция юртимиз бўйлаб тобора кенг қулоч ёзмоқда. Унга кўра 2020 йил июнь-август ойларида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси бандлари бўйича «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойили асосида хонадонлар, кўчалар ва маҳаллаларни ободонлаштириш кўзда тутилган.

   Мазкур акция доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва зарурий кўрсатма ва тушунчаларни бериш мақсадида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.  

    Хусусан, бугун туман ҳокимлигида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят кенгаши депутати Ҳасан Нормуродов маҳалла раислари ва фаоллари билан учрашди.

    У маҳаллаларда ободлик ва хавфсизлик борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, зарур тавсиялар берди. Шунингдек, мазкур акцияда фаол иштирок этган маҳалла раисларини намуна қилиб кўрсатиш ва уларни муносиб рағбатлантириш таклифини ўртага ташлади.

   - Маҳалла раислари туман ҳокимининг вакили ҳисобланади. Шундай экан сиз туман ҳокимининг энг яқин ёрдамчиси сифатида майдонга чиқишингиз, аҳолини ортингиздан эргаштириб, олдингизга қўйилган вазифаларни ҳамжиҳатликда, ҳамфикрликда бажармоғингиз керак, - деди Ҳ. Нормуродов. – Тойлоқ тумани ҳар томонлама ҳавас қилса арзийдиган ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, мева-сабзавот етиштиришда тойлоқлик деҳқонларнинг олдига тушадигани йўқ. Бир йилда уч марта ҳосил етиштирилаяпти. Лекин, беш қўл баробар эмас. Аҳоли орасида боқиманда кайфиятда юрганлар, турмуш фаровонлигини яхшилаши учун қўлида имконияти бўла туриб, ундан фойдаланмайдиганлар ҳам бор. Биз асосий эътиборни ана шуларга қаратишимиз, уларни боқимандалик кайфиятидан чиқаришимиз, қўлига балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак.

   Тадбир давомида туман ҳокими Б. Бабоназаров, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари М. Қуватова ҳамда маҳалла раислари «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойили асосида амалга оширалётган ишлар хусусида сўз юритишди.

   -Ҳозирги синовли давр барчамиздан қийинчиликларни мардона ва жасорат билан енгиб ўтишни талаб қилмоқда. Бу кўп жиҳатдан халқимизнинг янада жипслаштириб, аҳил ва бирдам бўлиб ҳаракат қилишга ундамоқда, -дейди туман ҳокими Б. Бабоназаров.

   Шунингдек, у ўз сўзида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда маҳаллалардаги ҳар бир кўча ва хонадонларни ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш каби ишларда маҳалла раислари ва фаолларининг ўрни катта эканлигини таъкидлади, уларни янада  фаол бўлишга, ҳаракатлар режасида белгиланган вазифаларга масъулият билан ёндашиб, ўз вақтида бажаришга чақирди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM