“Мақсадим ҳарбий учувчи бўлиш”

     Бугун олдимизда ёшларни миллий ғоя ва Ўзбекистон Республикасига, унинг халқи ва Президентига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш,  ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунча ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар турибди. Ана шу мақсадга эришишда “Қалқон-жасорат мактаби” нодавлат таълим муассасасининг ўрни катта.  Икки йилдан буён туманимизда фаолият юритиб келаётган ушбу мактабда  90 нафардан ортиқ ўқувчилар тарбияланмоқд.

    -  Мактабимизда 3-синфдан 7-синфгача бўлган ўқувчилар қабул қилинади ва улар 9-синфни битиргунларига қадар ўқитилади. Ҳафтада 5 кун жисмоний тайёргарлик, қўл жанги, ҳарбий машғулотлар, тиббий тайёргарлик, шунингдек, рус ва инглиз тили фанлари ўтилади, - дейди мазкур муассасанинг туман бўлими бошлиғи Шокир Товбоев.

                                                

     Ҳали фаолияти йўлга қўйилганига кўп бўлмаган бўлса-да, “Қалқон – жасорат мактаби”  жамоаси бир қанча ютуқларни қўлга киритиб улгурди. Улар 2019 йилнинг август ойида Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган “Қалқон – жасорат мактаби” нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика мусобақасида “Кучли ва тезкор жамоа”, “Тўсиқлардан ошиб ўтувчи”, “Саф қўшиғини айтувчи”, “Жабрланувчиларга биринчи ёрдам кўрсатувчи ” каби номинациялар ғолиби бўлишди.

  Хўжаюз маҳалласида яшовчи Фаррух Умаров “Қалқон-жасорат мактаби” нодавлат таълим муассасасининг энг фаол ўқувчиларидан. 9-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Фаррух келажакда ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилади.  Ҳам умумтаълим мактабидаги дарсларни ҳам ҳарбий-спорт машғулотларни баравар ўзлаштириш қийин эмасми? деган саволимизга қаҳрамонимиз шундай жавоб қайтарди:

                                            

    - Ҳарбий соҳага бўлган қизиқишим кучлилиги сабабли қийинчиликларни енгишга ҳаракат қиляпман. Деярли бўш вақтим бўлмайди. Кўчага чиқиб, дўстларим билан ўйнолмайман, телевизор қаршисида соатлаб ўтиролмайман. Бундан афсусланмайман. Чунки вақтимни беҳуда нарсаларга сарфлашни ёқтирмайман.

     Дарҳақиқат, Фаррухдек ақли расо, соғлом фикрли, интилувчан, ватанпарвар, мард ва жасур фарзанд тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Бугун юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган ботир ўғлонларимиз  сарҳадларимизни қўриқлашаяпти, тинчлигимизни таъминлашаяпти.  Ана шундай юрт учун кўкси қалқон ёшларимиз сафи кенгаяверсин. 

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM