Германиялик Томас Люкснинг туманимизга келишдан мақсади нима?

    Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги вакили жаноб Томас Люкс туманимизда меҳмон бўлди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, касб-ҳунар коллежларида дуал таълим тизимини жорий қилиш, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларига янги замонавий технологияларни олиб кириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида тизимли ёндашувларни ривожлантиришдан иборат.

  

     Жаноб Томасга Марказий Осиёда касбий-таълим бўйича миллий лойиҳа координатори Жаҳонгир Жўраев, вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси бош мутахассиси Акмал Қодиров ҳамда туман ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари Дилшод Умрзоқов, “Сиёб-Шавкат-Орзу” фермер хўжалигининг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Умида Қурбонова, Тойлоқ Агротадиркорлик касб-ҳунар коллежи директори Қаҳҳор Низомовлар ҳамроҳлик қилишди. Улар дастлаб, Тойлоқ Агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежида бўлиб, ёшларнинг билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Ўқув-устахоналари, лабораториялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, тажриба ўтказиш хоналарини кўздан кечиришди.

   

     -Маълумки, Халқаро ҳамкорлик, ўз навбатида, таълим сифатини яхшилаш, хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда иш жойларини малакали кадрлар билан таъминлаш имконини беради,- дейди Томас Люкс. – Германия касб таълими дуал тизимига асосланган. Унинг ўзига хос томонларидан бири шундаки,  касб мактабларини тугатаётган ўқувчилар корхона талабларига жавоб бера олиши шарт. Агарда буюртмачи корхонанинг талаблари қондирилмаса у мактабга ўқувчиларни юбормай қўйиши мумкин.Шунинг учун мактаб директори ўқувчиларни танлаш ва доимо уларни қайта тайёрлаб,  малакасини ошириб туришга мажбур. Бу эса таълим сифатининг яхшиланишига олиб келади.

  

   Шунингдек, жаноб Томас туманимизнинг кўзга кўринган маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланган “Сиёб-Шавкат-Орзу” фермер хўжалиги қошидаги ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи “Pet Agro oil” ҳамда сутни қайта ишлаш  корхоналарида ҳам бўлди ва туманимизнинг саноатига юқори баҳо берди.     

 

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM