Муваффақиятга эришиш сирлари...

Тойлоқ туман ҳокимлиги "Yoshlar kelajagimiz" жамғармаси туман филиали томонидан 29-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида "Муваффақиятга эришиш сирлари" мавзусида маҳорат дарси ўтказилди. "Ёшлар ойлиги" доирасида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликкка кенг жалб этиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ ўғил-қизлар иштирок этишди.

Тадбирни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Ҳақбердиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раҳбари М.Ашуров ҳамда "Ёшлар келажагимиз" жамғармаси туман филиали раҳбари Алишер Суюнбоевлар ёшлар келажаги учун яратилаётган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида, кичик бизнес ёки хусусий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга берилаётган имтиёзлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди.

   Ўқув-семинардан сўнг мактаб ҳовлисида тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ёшлар томошабин бўлиш билан чекланмай, тадбиркор ва ҳунармандлар билан яқиндан танишиб, уларнинг иш тажрибаларини ўрганишди, ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди. Шунингдек, анжуманда туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари ўзларининг бўш иш ўринлари ярмаркаси билан иштирок этди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида тумандаги "Сиёб — Шавкат — Орзу" фермер хўжалигига қарашли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасига саёҳат ташкил этилди. Корхонанинг иш бошқарувчиси Хуршид Шодиев у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди. Чет элдан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар, меваларни қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарининг ишлаш тартиби ўқувчи-ёшларга кўрсатиб берилди.

Ўқувчилар "Тойлоқ бахмали" хусусий корхонасининг тайёрлов ва тўқув цехида тикиш ва тўқиш ишлари билан танишдилар.

Навбатда ўқувчилар "Акмал Тошпўлатович" кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюришиб 2006 йилда 17 гектар ерда фаолиятини бошлаган фермер хўжалигининг бугунги кунда 72 гектар ер майдонида ғалла, полиз ва сабзавот экинларини  етиштириш жараёни билан танишдилар. Айниқса ўқувчи-ёшларда фермер хўжалигининг балиқчилик ва чорвачилик йўналишлари катта қизиқиш ўйғотди.

 

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM